Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг жорий йил 12 ноябрдаги йиғилиш баёнига кўра, мамлакатдаги барча олий таълим муассасалари 16 ноябрдан бошлаб анъанавий таълимга қайтиши ҳақида хабар берган эдик.
Айни вақтда ОТМлардаги аудитория ва хоналар ўқув жараёнига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда тайёрланмоқда.
Бу ҳақда бугун, 14 ноябрь куни АОКА бўлиб ўтган олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини анъанавий шаклда давом эттириш билан боғлиқ масалалар юзасидан матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ОТМларда дарсларни жуфтликлар шаклида ўтказиш анъанасидан воз кечилиб, жуфтликларга ажратилган вақт ўртасида ўқув хоналарини шамоллатиш мақсадида 5-10 минутлик танаффуслар жорий этилади.
Шунингдек, ҳар бир олий таълим муассасасида ҳудудий Соғлиқни сақлаш бирлашмалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари жалб қилинган ҳолда тезкор Штаб ташкил этилади.
ОТМлардаги ўқув аудиториялари ва умумий фойдаланиш хоналари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда ўқув жараёнига тайёрланади.
Ўқув ва ёрдамчи биноларда, талабалар турар жойларида белгиланган тартибда дезинфекция ишлари амалга оширилади.
Олий таълим муассасалари ва талабалар турар жойлари пирометр, дозатор ва антисептик воситалар билан жиҳозланади.
Талабалар турар жойларида касалликка чалинган талабаларни изоляция қилиш учун “Қизил зона” изолятор ташкил этилади.
Курслар кесимида ўқув жараёнини ташкил этиш схемаси ишлаб чиқилиб, табақалаштирилган вақт соатлари асосида дарс жадваллари тузилади.
Таъкидланишича, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан талабалар ва уларнинг ота-оналари орасида ўқув жараёнини анъанавий шаклда бошлаш бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида 2020 йил 19-21 октябрь кунлари онлайн ижтимоий сўровнома ўтказилган.
Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини анъанавий шаклда бошлашни хоҳловчилар 345 428 нафарни (82%), масофавий шаклда давом эттиришни хоҳловчилар 75 808 нафарни (18%) ташкил этди.