Ўзбекистон фуқароларини Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилоти сафига жўнатиш билан шуғулланиб келган шахс фаолиятига чек қўйилди.
Бу ҳақда ИИВ Ахборот хизмати хабар қилди Маълум қилинишича, 1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Х. 2019 йилда Миср Араб Республикасида ўқишга бориб, халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушган.
Шундан сўнг, Ўзбекистондан Мисрга диний таълим олиш учун борган фуқаролар орасида ўзининг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиб, Сурия ҳудудида фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотининг сафига қўшилишга даъват қилиб келган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.
Ушбу ҳолат бўйича суриштирув ишлари амалга оширилиб, гумондор шахс қўлга олинган.
Унинг уяли телефон аппарати хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.