Бухоро шаҳрида уйида ёлғиз қолган 13 ёшли қизни болға билан уриб ўлдиришга уринган ва хонадонда ўғрилик содир этган босқинчи аёл қўлга олинди.
Таъкидланишича, 2020 йилнинг 16 ноябрь куни соат 18:10 да шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали навбатчи шифокори шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига қўнғироқ қилган.
Шифокор 5-синф ўқувчисига оғир тан жароҳати етказилганини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИБ ИИО тергов-тезкор гуруҳи суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Аниқланишича, Бухоро туманида яшовчи 35 ёшли аёл М.Ш. бир неча йилдан буён ота-онаси қарамоғида бўлган 13 ёшли Ф.М. истиқомат қилувчи кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги гўзаллик салонида ишлаб келган.
Вояга етмаган қизнинг ота-онаси ишга кетганидан фойдаланган аёл хонадонга кирган ва ёнида ўзи билан олиб келган қўлбола усулда тайёрланган темир болғача билан қизалоқнинг бош қисмига шафқатсизларча урган.
Устига-устак, унинг юзини ёстиқ билан босиб, бўғган.
Жон талвасасида кўп қон йўқотган қиз ҳушидан кетган.
М.Ш. эса уни ўлди, деб ўйлаб, хонадондан 12 турдаги аёллар тилла ва кумуш тақинчоқларини, 100 доллар ва 6 миллион 250 минг сўм нақд пулларни ўғирлаб қочган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан М.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми "и" банди (таъмагирлик ниятида қотилликка суиқасд) ва 164-моддаси 3-қисми "а" банди (такроран, хавфли рецидивист томонидан босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда босқинчи аёл қамоққа олинган ва дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.