Aввал хабар берганимиздек, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси тайёрланиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбар ходимларига хизмат автотранспортларини классига қараб бириктириш қатъий белгилаб қўйилиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур қарор лойиҳаси ҳақида гапирилганда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан “ҳамма оладиган машинасини олиб бўлди-ку, энди бу қарорни қабул қилишнинг нима фойдаси бор” қабилида фикрлар билдирилмоқда.
Бундай изоҳларга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Баҳром Бурхониддинов ойдинлик киритди:
“Бу масала қарорда ўз ечимини топганига эътибор қаратмоқчиман. Хусусан, Давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган, яъни қарор амалда бўлгунча харид қилинган барча хизмат авторанспортлари хатловдан ўтказилади ва белгиланган нормативлар (сумма)дан ортиқча бўлса, бу хизмат автотранспортлари “E-Ijro Auksion” орқали аукцион савдоларда сотилиши таъминланади. Хизмат авторанспортларини сотишдан тушган маблағлар, агар автомобиль сотиб олиш учун маблағ республика бюджетидан сарфланган бўлса, республика бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан йўналтирилган бўлса, маҳаллий бюджетнинг ўзига қайтарилади”, дейди агентлик вакили.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани ҳокими Captiva автомобили бўла туриб, хизмат машинаси сифатида 370 млн сўмга Trailblazer русумли автомобиль сотиб олганди. Кейинроқ Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси Молия вазирлигининг расмий хатини қалбакилаштириб, Nexia-3 ўрнига 349 млн сўмга Equinox сотиб олгани маълум бўлди.
Харидлар ҳақидаги бу каби очиқ маълумотлар эса жамоатчилик орасида бюджет маблағларининг самарали сарфланишига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқармоқда.