Ўзбекистондан Афғонистонга мармар ва тош, тамаки маҳсулотлари, халқ истеъмол товарлари экспорти ҳажми оширалади ва бир қатор маҳсулотлар, хўжалик моллари экспортига йўл очилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 12 ноябрь куни имзоланган “Афғонистон Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорда сўз боради.
Қарорда таъкидланишича, 2023 йилгача Афғонистон билан савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш кўзда тутилмоқда.
Бунинг учун бир неча турдаги маҳсулотларнинг экспорт ҳажми оширилади ва янги маҳсулотлар экспортига йўл очилади.
Хусусан, 2020-2021 йилларда мармар ва тош маҳсулотлари экспорти ҳажми оширилади.
Афғонистон давлати билан кооперация алоқаларини ўрнатиш, табиий пардозбоп тошлар хомашёси импортини йўлга қўйиш ҳамда уларни қайта ишлаган ҳолда юқори қўшилган қийматга эга пардозбоп тошлар ишлаб чиқариш ташкил этилади.
Қарорда белгиланишича, мармар ва тош экспорти ҳажимини йилига 2,1 миллион АҚШ долларига етказилади.
Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб халқ истеъмол товарлари экспорти ҳажми оширилади ва янги турлари экспорти йўлга қўйилади.
Халқ истеъмол товарлари (термос идишлар, шарнирлар, осма қулфлар, мебель фурнитураси, тиш тозалаш воситалари, қалам ва ручка, пластмассадан тайёрланган ошхона идишлари) ишлаб чиқариш ташкил этилади.
Халқ истеъмол товарларини экспорт ҳажмини йилига 32,9 миллион АҚШ долларига етказиш кўзда тутилмоқда.
2021 йилдан бошлаб тамаки маҳсулотлари экспорти ҳажми ҳам оширилади.
“Тошкент тобакко” бош офислари (“Japan Tobacco” ва “Philip Morris”) билан Афғонистонга экспорт қилиш бўйича келишувлар имзоланади.
Тамаки маҳсулотларининг йиллик экспорти ҳажми 5,2 миллион АҚШ долларига етказилади.
Жорий йилнинг декабрь ойидан гигиеник воситалар экспорти йўлга қўйилади.
Навоий ва Бухоро вилоятларида болалар тагликлари ишлаб чиқариш қувватлари 100 фоизга етказилади.
Гигиеник воситаларнинг эскпорт ҳажми йиллик 17,4 миллион АҚШ долларига етказилади.
Мебель маҳсулотларини экспорт қилиш йўлга қўйилади.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Сурхондарё вилоятида мебелсозлик йўналишида амалга оширилиши белгиланган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади.
Лойиҳаларнинг қувватлари ҳамда экспорт имкониятларини таҳлил қилган ҳолда лойиҳаларни муддатида ишга тушириш чоралари кўрилади.
Маҳсулотларнинг халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилишига ҳамда сифат кўрсаткичларига риоя қилинади.
2021 йилдан бошлаб мебель маҳсулотларининг йиллик экспорт ҳажми 1,1 миллион АҚШ долларига етказилиши кўзда тутилмоқда.
Қарор билан 2021 йилдан бошлаб Афғонистонга болалар кийимлари экспорти йўлга қўйилади.
Сурхондарё вилоятидаги ип калава (6 та корхона – 40,5 минг тонна) ва тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар (2 та корхона – 3,8 миллион дона) ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларидаги тўқимачилик матолари ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳисобига болалар кийимлари йиллик экспортини 4,8 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилмоқда.
Афғонистондан мева-сабзавот ва ёнғоқ каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва учинчи давлатларга реэкспорт қилиш мақсадида олиб киришни ташкил қилиш имкониятлари ўрганилади.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Афғонистонда етиштирилган ва Ўзбекистонда танқис бўлган мева-сабзавот ва ёнғоқ каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхати шакллантиради.
Жорий йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида ушбу маҳсулотларни ҳамкорликда қайта ишлаш мақсадида Ўзбекистон ва Афғонистон томонидан ҳамкорлар топиш ва қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича таклифлар шакллантирилади. 2021 йилдан тайёр маҳсулотларни реэкспорт қилиш чоралари кўрилади.
Афғонистонга экспорт қилиш учун ун, нон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган қиймати 75,6 миллион АҚШ долларига тенг 7 та лойиҳа амалга оширилади.
Жорий йилнинг ноябрь ойида лойиҳалар бўйича бизнес режа ва бошқа зарур лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон ва Афғонистон ташаббускорлари ўртасида музокаралар ўтказиш ва лойиҳаларни амалга ошириш шартлари келишиб олинади.
Жорий йилнинг декабрь ойидан лойиҳаларни амалга ошириш учун молиялаштириш манбалари аниқланади.
2021 йилнинг сентябрь ойида қурилиш ва таъмирлаш ҳамда асбоб-ускуналарнинг монтаж ишлари якунланади.
Октябрь ойида эса ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш фаолиятини бошлаш кўзда тутилган.