Мигрантнинг аянчли қисмати: Нодира Қодированинг сирли ўлимига бир йил тўлди

Таҳлил 30-сен, 14:279 admin 679 0
23 сентябрь. Бугун 23 яшар меҳнат мигранти Нодира Қодированинг сирли ўлим топганига 1 йил тўлди. У худди шу куни Туркия пойтахти Анқара шаҳрида мамлакатнинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясидан Буюк Миллат Мажлиси депутати Ширин Уналнинг уйида вафот этганди? Нодира Қодирова ўз жонига қасд қилдими ёки жиноят қурбони бўлди? У руҳий хастамиди ёки ўз жонига қасд қилишига ундаган бошқа муаммолар билан юзма юз келдими? Нега ушбу ҳолат билан боғлиқ суриштирувлар унинг ўлими қадар сирли ва парда ортида? Бир йилдирки, бу саволлар очиқ қолмоқда. Бу бир ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг қисмати. Билганимиз, эшитганимиз... Бу меҳнат мигрантларининг чет элллардаги ҳаётидан бир парча, халос. 

Хўш, аслида нима бўлганди? 

4 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб келаётган Нодира Қодирова вафотига қадар бир йил давомида Анқарада нафақадаги собиқ ҳарбий хизматчи, депутат Ширин Уналнинг уйида хизматчи бўлиб ишлаган. 23 сентябрь куни унинг хонасидан ўқ товуши эшитилади. Бу вақтда депутат ҳам, унинг қизи ва хаста рафиқаси ҳам уйда бўлган. Депутат Ширин Унал эшикни бузиб кирганда, Нодира Қодирова ярадор ҳолатда ерда ётарди. Шундан сўнг Қодирова шифохонага олиб кетилган. 

Шубҳали тахминлар

Ширин Уналнинг уйида икки ўзбек аёли оқсоч бўлиб ишлаган. Нодира асосан генаралнинг доимий эътиборга муҳтож рафиқасига ёрдамчи бўлган.

“Синглимнинг ўз жонига қасд қилишига олиб келадиган ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Яқин кунларда университетга кириш имтиҳонлари учун тайёргарликни бошламоқчи эди. Билишимча, Нодира соат 08:48да депутат Уналга тегишли тўппончадан юрагига ўқ узган. Билкент шифохонасига жойлаштирилган синглимга шикофорлар ёрдам қила олишмади. Маълум қилишларича, соат 09:50 да синглимнинг жони узилибди”, дейди марҳуманинг акаси Муҳаммадали Қодиров. 

23 яшар Нодира Қодированинг акаси ўз сўзида давом этаркан, суд-тиббий экспертизаси шубҳали равишда жуда тез амалга оширилгани, хулосани аллақачон беришганини айтади:

“Синглим 4 йилдан буён Туркияда яшаётган эди. Ҳеч қандай муаммоси йўқ эди. Унинг ўз жонига қасд қилиши бизни ҳайратда қолдирди. Суд-тиббий экспертизаси депутатнинг аралашуви билан жуда тез тамомланди”.

Нодира Қодированинг жасади 25 сентябрь куни соат 22:00 даги рейс билан Ўзбекистонга олиб келинди.
Муҳаммадали Қодиров суиқасд бўйича ОАВга берган маълумотида, суд-тиббий экспертиза жуда тез ўтказилгани ва бу юзасидан етарли гумонлари борлигини маълум қилган. Унинг қайд этишича, Қодированинг оила аъзоларига унинг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ ҳеч қандай маълумот берилмаган. 

Қодированинг дугонаси нима деган эди?

Нодира Қодированинг дугонаси Лайло Ниёзова Туркиянинг "Жумҳурият"газетасига телефон орқали марҳума билан сўнгги суҳбатида нима ҳақида гаплашганини гапириб берганди.

"22 сентябрдан 23 сентябрга ўтар кечаси дугонам Нодира менга қўнғироқ қилди. Биз икки соат давомида гаплашдик. У тинмай йиғлаб, ҳамма нарсадан чарчаганини, тўйиб кетганини бот-бот такрорлади. Ҳатто, ўз жонига қасд қилишини ҳам айтиб ўтди. Шунда мен қўймай сабабини сўраганимда, икки ҳафта олдин ётган хонасига хўжайини кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб, унга ёпишганини ва хўжайиннинг тўппончасини ўқи билан топиб олганини айтди. Дугонамнинг бу гапларини ҳазилга йўйдим. Бунақа бўлиши умуман хаёлимга ҳам келмаганди", деди Лайло Ниёзова.

Лайло Нодирани фоҳишаликка ундаганмиди?

Прокуратура депутатнинг уйида ўлик ҳолда топилган ўзбекистонлик бўйича суриштирув бошлаганди. Мазкур суриштирувда прокурор Қодированинг фоҳишалик билан шуғулланганини тахмин қилди. 

“Жумҳурият” газетасининг хабар беришича, турк прокурори Лайло Ниёзовадан кўрсатма олиш асносида ундан: “Дугонангизни фоҳишаликка ундаганмидингиз?”, деб сўраган.

Лайло прокурорнинг бу гумонини рад этган

“Мен гўёки Нодирани фоҳишаликка ундаганим ёки унга бунинг учун шароит яратиб берганим ҳақидаги даъволар нотўғри. Мен Лалели туманидан текстиль маҳсулотларини сотиб олиб, Ўзбекистонга юбориш билан тирикчилик қиламан. Зарурат бўлса, чекларни кўрсатишим мумкин. Нодира ҳеч қачон мен яшаётган уйда тунаб қолмаган”, деган у.

Ниёзова ўз кўрсатмасида марҳум дугонаси билан бир муддат аразлашиб, кейин ярашиб олганини тан олган.
“Ўртамиздаги келишмовчиликка гўёки мен уни фоҳишаликка ундаганим сабаб бўлмаган. Чунки бундай нарса умуман бўлмаган”, деб тушунтирган Лайло Ниёзова.

Ниёзованинг сўзларига кўра, Нодира билан бундан олдинги суҳбатларида дугонаси депутат унга ёпишгани ҳақида гапириб берган.
“23 сентябрга ўтар кечаси у менга телефон қилганди. Биз икки соат гаплашдик. У тинмай йиғларди. “Лайло, чарчаб кетдим, ҳаммасидан тўйдим”, деди. Нима бўлганини сўраганимда, гапиролмаслигини айтиб йиғларди. “Ўзимни ўлдираман”, деяётганди. Кимдир хафа қилдими, деб сўрадим. У эса сиқилиб кетганини айтди.

17 сентябрда олдимга келмоқчи эди. Хўжайинининг қизи рухсат бермаганини айтди. “Нималар бўлаётганини тушуна олмаяпман”, деди. Айтишини қатъий талаб қилганимдан кейин эса шундай деди: “Икки ҳафта олдин хонамда ётганимда, хўжайин кирди, хонани эшигини қулфлаб, орт томонимга келиб ётди, мени қучоқлади”.

Тажовуз қилдими, деб сўрадим. “Йўқ, тегмади”, деди-ю йиғлаб юборди. “Орзуларим сўнди, энди акамнинг юзига қандай қарайман?”, деди. Ҳеч кимга айтмасликка қасам ичишимни сўради.

“Уйда хўжайиннинг тўппончасини топиб олдим. Битта ўқни пойабзалимга яшириб қўйдим”, деди. Ҳаётида бирон марта бўлсин пичоқ сақлаб юрган қиз эмасди, шунинг учун уни ҳазиллашяпти деб ўйладим. Бунақа қилишини умуман кутмагандим”, деб ҳикоя қилади Лайло Ниёзова.

Нодира Қодированинг адвокати ишдан бош тортди

Нодира Қодирова вафотидан икки ҳафта ўтар-ўтмас унинг адвокати ушбу ишни олиб боришдан истеъфо берганини маълум қилди. Бу ҳақда адвокат Мужде Тозбей Эрден Twitter’даги саҳифаси орқали маълум қилди. 

“Хабарингиз бор, 23 сентябрь куни депутат Ширин Уналнинг уйида ўз жонига қасд қилгани айтилаётган Нодира Қодирова оиласининг вакиллигини Дастлаб болалар ва аёллар уюшмаси ўз зиммасига олган эди. Нодиранинг оиласи билан 25 сентябрда алоқа ўрната олдик ва шундай буён адвокатлик фаолиятимизни олиб бордик.

Бу вақт ичида биз ҳеч кимга бўйин эйгмай, Нодиранинг шубҳали ўлими билан боғлиқ ҳақиқатлар юзага чиқиши ва адолат қарор топиши учун Нодиранинг дўстлари, ОАВ ходимлари, ҳамкасбларимиз ва кенг жамоатчиликнинг ёрдами билан тергов-суриштирув ишларининг апил-тапил тугатилишига қарши чиқиб, Нодиранинг шубҳали вафоти ҳақида хабар беришга ва бизни эшитишларига ҳаракат қилдик.

Бироқ, Нодиранинг оила аъзолари билан фикрларимиз қарама-қарши келгани учун, биз адвокатлик вазифасидан истеъфо беришга қарор қилдик. Бугундан бошлаб, Нодиранинг эмас, балки Нодира сингари хотин-қизлар учун курашишда давом этамиз.

Нодиранинг фоҳишалик билан шуғулланганми ёки йўқми, буни сўраб, суриштириш тергов жараёнида марҳуманинг номини булғаш учун қилинган ҳаракатдир. Бу тергов йўналишини ўзгартириш ва ўзини оқлаш учун имконият ҳозирлаш демакдир”, деган эди Мужде Тозбей Эрден.

Қодированинг акаси бош кўтарди

Қодированинг жанозасидан икки ҳафта ўтиб, акаси Муҳаммадали Қодиров ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат билан чиқди. Унинг қайд этишича, Қодированинг баданидан айтилганидек бир эмас, балки иккита ўқ изи топилган. Бундан ташқари, у ваҳшийларча дўппосланган. Энг ачинарлиси эса, суд-тиббий экспертизасини ўтказиш давомида унинг бадани кўкрак қисмидан то қорин соҳасигача кесилган, ички аъзолари эса олиб ташланган. У ўз мурожаатида шундай дейди: 

“Жаноза ва бўлиб ўтган воқеалардан кейин сизга қисқа маълумот берсам. Дафн маросимидан аввал синглимни ювинтирдилар. Ўша вақт кўрганларимга ишонгим келмаяпти. Менга фақат ўз жонига қасд қилди, танасида бир дона ўқ изи бор дейишганди. Аммо улар иккита. Чап кўкрагининг устида бир ўқ изи бор. Бел қисмининг орқаси, буйрак соҳасига ҳам ўқ узилган. Умумий ҳисобда икки марта ўқ узилган. Ўқ отилган қисмларни эса тикишган. 

Темир ёки тўппончанинг орқа тарафи билан уришганми, билмадим, аммо синглимнинг бўйин соҳаси энса қисмида ҳам зарба излари бор эди. Бу ваҳшийлик. Инсон зотига хос иш эмас. Уларни инсон дейишга уяляпман”.

Расмийлар нима дейди?

Нодира Қодированинг вафоти Туркиядаги расмий идоралар раҳбарларини ҳам оёққа турғазди. Октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу “CNN Turk” телеканалига берган интервьюсида Қодирова билан боғлиқ ишга тўхталди. 
“Ушбу воқеа ҳақида хабар топганим заҳоти Анқара Ички ишлар бошлиғини воқеа жойига юбордим. Ўша кундан бери ҳаммасини ўзим назорат қилиб келяпман. 

У ўз жонига қасд қилмади, ўлдирилди дейишяпти. Айни вақтда бундай далил йўқ. Бу ишни ёпди-ёпди қилишни қўя туринг. Бундай масалаларга алоҳида эътибор қаратиш бизнинг ташаббусимиз бўлади. Бу адолатдан ташқари, виждон ва инсонийлик масаласи. 
Бундай ҳолатлар қандай ишлар олиб борилса, воқеа жойида қандай текширув ишлари амалга оширилса, бу ҳолатда ҳам худди шундай йўл тутилган. Шундай бир вазиятда қўл қовуштириб ўтирамизми? 

Келинг, айбдорни далилсиз қўлга олайлик-да, ишни судга оширайлик. Сизнингча, бу тўғрими?  

Суд-тиббиёт экспертизаси қилинди, тегишли намуналар олинди. Фақат депутатнинг рақифаси склероз хасталигига чалингани сабаб прокуратура унинг сўроқ қилинмаслигига рухсат берди. Ундан ташқари уйдаги ҳаммага тегишли намуналар, яъни бармоқ излари олинди. Воқеа жойи ва воситаларига алоқадор нималар қилиниши керак бўлса, ҳаммаси қилинди. Агар бу ими-жимида ёпиладиган бўлса, бизнинг инсонлигимиз, давлатнинг эса давлатлигида маъно қолмайди”, деган эди Ички ишлар вазири Сойлу.

Ширин Унал тилга кирди

Аввалига депутат Ширин Унал Нодира Қодированинг вафоти ҳақида миқ этмади. Октябрь ойида ўтган Парламент мажлисида “Халқлар демократик партияси” депутати “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати Ширин Уналнинг уйида содир бўлган воқеани ўртага ташлади. Ширин Унал мазкур масала юзасидан илк бор ахборот берди.

“Икки ҳафта аввал бизнинг уйимизда нохуш ҳодиса рўй берди. Бу қиз шу йилнинг январь ойидан буён 20 йил давомида склероз билан хасталанган рафиқамга ғамхўрлик қилган икки ёрдамчидан бири эди. Сўнгги икки-уч ой давомида унинг руҳий муаммоларини пайқадик ва  иккинчи ходимни ишга олдик. Уни ишдан йўқотишга уринди, аммо бу ўзига насиб этди. 

Воқеа юз берганидан 5 дақиқа ўтиб, полиция, тез ёрдам ва ўт ўчириш хизмати етиб келди.Улар келгунча, кичик қизим билан у ўз жонига қасд қилган хонанинг эшигини синдиришга ҳаракат қилдик. Бироқ буни бажара олмадик, елкам ҳали ҳам оғрияпти. 
3-4 полициячи хона эшигини очдилар. Улар учта ёки тўртта полициячи билан эшикни очиб,  марҳумани шифохонага олиб кетишди. Ярим соатдан кейин Анқара Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва прокурор етиб келди. Мен уларнинг иккисига ҳам бу ишда қўлимдан келганча ёрдам беришимни айтдим. 

Шу сабабли, бутун оиламиз, тўшакка михланган рафиқам, иккинчи хизматчи қиз ярим тунга қадар полициянинг сўроқларига жавоб бердик. Прокурорга 15 дақиқа давомида бўлиб ўтган воқеаларни сизга айтиб бераётганимдек батафсил гапириб бердим. Кейин, прокурор шифохонадаги ишларни назорат қилиш учун шиофохонага кетди. Ундан кейинги барча иш полиция ва прокуратуранинг назорати остида бўлди. 

Мен депутатлик дахлсизлигимни четга суриб қўйиб, шуни куни бармоқ изларини олиш жараёнида ҳам қатнашдим. Шу куни буни SWAP деб аташларини ўргандим. 

Албатта,  илгари Турк Қуролли Кучлари ва Туркия Буюк Миллат Мажлисидаги фаолиятимдан норози бўлган баъзи доиралар бундан фойдаланиб қолиб, мен ва оиламни ер тагига тиқишга ҳаракат қилишмоқда. Аллоҳ ҳеч бирингизнинг бошингизга бу кунни солмасин. Айни вақтда суриштирув ишлари давом этмоқда. Мен гарданимдаги барча вазифани бажараман”, деган эди Ширин Унал. 

Ҳилола Ўнарбоева ким?

2019 йилнинг ноябрь ойида QALAMPIR.UZ’нинг қўлига Нодира Қодированинг вафоти билан боғлиқ эксклюзив маълумотлар келиб тушди. 
Депутат Ширин Унал ўз баёнотида ўлимидан бир неча ой аввал Нодира Қодировада руҳий ўзгаришлар кузатилгани, шу боис уйга бошқа ўзбек хизматчи олингани ҳақида гапирган эди. QALAMPIR.UZ’га маълум бўлича, Нодира Қодирова вафот этган хонадонда ишлаган иккинчи хизматчи 1995 йилнинг 20 мартида таваллуд топган ўзбекистонлик Ҳилола Маҳмуджон қизи Ўнарбоева бўлган. 

Маълумки, Нодира Қодирова вафот этган кечада полиция қоидага кўра, уйга келиб, хонадон эгалари ва уйдаги хизматчиларни сўроққа тутган. Булар орасида Ҳилола Ўринбоева ҳам бўлган. У билан суҳбат жараёнида полиция Ҳилоланинг Туркияда бўлиб туриши учун белгиланган визасиз режим муддати тугаганини пайқамаган. ОАВнинг қайд этишича, пайқаган бўлса ҳам Ширин Уналнинг босими остида бу қонунбузарлик экани ва қонун пешвоси – Ширин Уналнинг уйида ҳуқуқбузарликка йўл қўйилаётганини кўз юмилган. 

Ҳолбуки, вафот этган 23 яшар Нодира Қодированинг ҳам мамлакатда визасиз бўлиши муддати тугаганига анча бўлган. Бироқ, унинг ўлимига оид ҳужжатлар, ҳеч бир тергов материалларида Қодирова ва Ўнарбоеванинг визасиз Туркияда бўлиб тургани қайд этилмаган. Қолаверса, иккисининг ҳам ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжати (Çalışma izni) ёки яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжати (İkamet izni) бўлмаган. Бу ҳеч шубҳасиз қонун бузилиши бўлиб, бунда ишчи ҳам, уни уйида ишлатган уй эгаси ҳам 18 000 минг турк лираси ёки 3128 АҚШ доллари (05.11.2019даги курс бўйича) жарима тўлаши керак. Шунда ҳам жарима билан иш ёпди-ёпди бўлмайди, аксинча, ҳужжатсиз ишлаганлар мамлакатдан чиқариб юборилади.

Ҳилола Ўнарбоевага келганда бу қонунлар ишламагани кўрилади. Бироқ, Қодирова вафот этиб, ярим тунда полициянинг суриштирувлари тугагач, 24 сентябрь куни Ҳилола Ўнарбоева билан боғлиқ шубҳали ҳодиса рўй беради. Гап шундаки, шу куни Анқара кўчаларида кетаётган Ҳилола Ўнарбоева шубҳали хатти-ҳаракатлари сабаб полиция ходимлари томонидан тўхтатилади. Аввалига тинтув ўтказилади, сўнг паспорти олинади. Компьютер орқали унга оид маълумотлар текширилганда, мамлакатда визасиз бўлиш муддати анча ўтиб кетгани, ноқонуний равишда яшаб келаётгани аниқланади. Ҳужжатлар расмийлаштирилади. Орадан уч кун ўтиб, Ҳилола Ўнарбоева номига “мамлакатни тарк этишга даъват қарори” берилади. Унда эса тарк этиш муддати 16 кун экани маълум қилинади. Бу ҳолатда на Ўнарбоевага ва на уни ноқонуний равишда уйида сақлаган депутат Ширин Уналга жарима тайинланади.

Ҳужжатлаштиришнинг шубҳа остида экани, Ҳилола Ўнарбоеванинг визасиз яшаб келаётганини уй эшигига, жиноят ҳолати сабаб келган полиция эмас, балки кўчадаги миршабнинг пайқаши, депорт қарори чиқарилгандан 16 кун ўтиб ҳам, у ҳамон депутатнинг уйида яшаб келаётгани “Ширин Унал истаса Ҳилолани мамлакатдан қувиб чиқаради, истаса олиб қолади”, қабилидаги гапларни келтириб чиқарди.

Туркия элчиси ТИВга чақиртирилди

2019 йилнинг 8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири  ўринбосари Дилшод Ахатов Туркия Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Эр Меҳмет Сурайяни жорий йил 23 сентябрь куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон фуқароси Нодира Қодированинг ўлими билан боғлиқ вазиятга тушунтириш олиш учун таклиф қилди.
Элчи тергов объектив олиб борилиши, Ўзбекистон томони эса тезкор ва мунтазам тарзда терговнинг бориши ва натижалари тўғрисида хабардор қилинишини маълум қилди.

Ўзбекистон Прокуратураси нега жим?

QALAMPIR.UZ 2020 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова билан бўлиб ўтган суҳбатда айнан шу воқеани эслади. Нодира Қодирова ва дунёнинг турли бурчакларида вафот этаётган ўзбекистонликлар бўйича Бош прокуратура нима учун хорижий мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик ўрнатмаяпти? Ўзбекистонликлар чет элда шунчаки ўлиб кетаверадими?

Светлана Ортиқова ушбу саволларга жавоб бераркан, хорижий мамлакатлар прокуратуралари билан ҳамкорлик йўқлиги, шартнома имзоланмаганини очиқлади.

Ишнинг охири нима бўлди? 

Жорий йилнинг февраль ойида – воқеада юз берганидан беш ой ўтиб, суд-тиббиёт экспертизаси натижалари эълон қилинди. Туркия прокуратураси томонидан тўлдирилган ҳисоботларда ўқ Қодированинг кўкрак қафасидан 5-6 сантиметр баландликка отилгани ёзилган. Ҳисоботда ҳолат “ўз жонига қасд қилиш” дея баҳоланган. Шу боис Қодированинг вафоти бўйича очилган иш ёпилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари тугатилган.

Анқара прокуратураси томонидан қабул қилинган сўнгги қарорда, Нодира Қодированинг ўз жонига қасд қилгани, уни ўзини ўлдиришга мажбурлаган, уни ўз жонига қасд қилишга ундаган, буни қўллаб-қувватлаган ёки унга ёрдам берган шахс ёки шахсларнинг топилмагани айтилади. 

Шунингдек, суд-тиббий экспертизаси натижаларига кўра, унинг танасида жинсий зўравонлик белгилари аниқланмаган. Унинг кундалиги ва вафотидан икки кун аввал қолдирган мактубида ўз жонига суиқасд қилиши ёзилгани маълум қилинди.
Тергов хулосаларида қайд этилишича, Қодированинг ўлимида ишлатилган Баретта русумидаги қуролда бармоқ излари аниқланмаган. 
Ишга доир ҳужжатларда Нодира Қодированинг қўлида ҳам тўппончадан отилган ўқнинг қолдиқлари, заррачалари аниқланмагани қайд этилган. 

“Жумҳурият” партияси вакили Алижон Улудоғ берган маълумотларга қараганда, тўппончадан отилган ўқ Италияда ишлаб чиқарилган Баретта 92С русумли яримавтомат тўппончадан отилган. Бу маълумотлар расмий бўлиб, улар Анқара полиция бошқармасининг Жиноят ишларини текшириш бўлими Бармоқ изларини аниқлаш бюроси ҳужжатларида келтирилган.

Жорий йилнинг май ойида Нодира Қодированинг адвокати ушбу ишни судга тортмаслик тўғрисидаги прокуратура томонидан қабул қилинган қарор устидан апелляция берди, аммо у рад этилди. Шундан кейин адвокат Дўған ҳужжатни Конституциявий судга топширган.
Унинг айтишича, ҳужжат ҳали ҳам Конституциявий суднинг дастлабки тергов босқичида ва у ҳамон қайтадан кўриб чиқиш босқичига ўтказилмаган.
Печать
Ўхшаш янгиликлар
Изоҳлар ёзиш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив

Янгиликларга обуна бўлинг

Бизнинг хабарномамизга обуна бўлиш учун қуйидаги электрон почта манзилингизни киритинг

Биз ижтимоий тармоқларда
Календарь
«    Ноябрь 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930